Shafqat

Shafqat

Алишер Навоий таваллудига 585 йил

Шафқат

Бир йили султон Ҳусайн Бойқаро қишни Марв шаҳрида ўтказган экан. Шунда Алишер Навоий ҳам султон ва бошқа аъёнлар билан бирга ўша жойда қолган.

Алишер Навоийнинг замондоши ва шогирди Ғиёсиддин Хондамирнинг маълумот беришича, шу сафарда Ҳазрат Навоийнинг мислсиз шафқатларидан далолат берувчи бир ҳодиса бўлган.

Бир сайроқи қуш (фохта) Навоийнинг чодирига эмин-эркин кириб юрган. Ҳич ким унга халақит бермагани учун у ерда уя ясаб, тухум ҳам қўйган.

Қиш тугаб, баҳорнинг иссиқ кунлари бошланганда ҳайъат пойтахт Ҳиротга отланган. Аммо чодирга уя қурган қушнинг тухумлари очилмаган эди. Бу ҳолда чодирни йиғиш албатта тухумларга зиён етказар, қушни ҳам безовта қиларди.

«Навоийнинг зотий шафқат ва табиий марҳамати шуни тақозо қилдики, қуш тухум очиб, болаларини учирма қилгунича чодир жойидан қимирлатилмай, шу ерда қолдириладиган бўлди.»

Мулозимлардан бири — Хожа Ҳасан Бахтиёрга у чодирни муҳофаза қилиб туриш ва қуш болаларини учирма қилганидан кейин хизмат ҳақи учун чодирни ўзи билан олиб кетиш вазифаси топширилди. Топшириққа мувофиқ жонивор болаларини катта қилиб олиб кетгунича мулозим уларга кўз-қулоқ бўлиб турди.

Ҳазрат Навоийнинг биргина қушга шу қадар эҳтимом қўрсатиши унинг авлодларига ҳам мерос бўлиб бугунга қадар етиб келганида, эҳтимол юзлаб жониворлар «Қизил китоб»ларда қўним топмаган бўларди.


Хондамир яна бир воқеада Алишер Навоий бехос кийимига илашиб қолган чумолини тезда уясига элтиб қўйиш учун намоздан сўнг масжиддан зудлик билан чиқиб кетганини ҳам ёзиб қолдирган.

Бизнинг назаримизда чумоли шунчаки бир митти ҳашарот, оёқ остида ўрмалашиб юрадиган зараркунанда. Унинг ҳажми ва шакл-шамойили қандай бўлишидан қатъий назар, у ҳам худди инсон каби бир яратиқ ва жонли бир махлуқ эканига кўпда эътибор берилмайди.

Агар унга айни шу нуқтаи назар билан қарай олсак, Навоийнинг шафқати ва муруввати бежиз эмаслигига амин бўламиз.